ЎЗБЕКИСТОННИНГ ҚАДИМГИ ДАВРИ САНЪАТИ
Abstract
Эрамиздан аввалги VI асрнинг иккинчи ярмида Ўрта Осиёнинг анчагина қисми Ахамонийлар подшолиги таркибига кирди ва деярли икки юз йил мобайнида унинг таъсирида бўлди. Шу давр мобайнида Ўрта Осиё халқлари Ахамонийлар давлатига кирган халқлар билан яқин муносабатда бўлди, улардан таъсирланди. Шунингдек, уларга ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Эрамиздан аввалги VI-IV аср Ўрта Осиё меъморлиги ҳақида Кўзали қир, Каллали қир (Ўзбекистон), Эрка қалъа (Туркманистон) меъморчилик мажмуалари қолдиқлари таассурот беради. Сўзсиз бу меъморчилик мажмуалари аввалги давр анъаналарини давом эттириш асосида юзага келган. Улар қалин девор билан ўраб чиқилган, дарвоза ва миноралари мавжуд бўлган. Уларнинг марказида сунъий тепалик бўлиб, унда сарой ёки ибодатхона жойлашган. Саройлар учун ишлатилган устунлар кўп ҳолларда капителлар билан тугалланган.