КАШТАЧИЛИКНИНГ РИВОЖЛАНИШ ТАРИХИ.
Abstract
Ҳозиргача буюмлар ўзига хос гўзаллик, нафис безакларнинг ранг-баранглиги билан кишиларни ҳайратга солиб келмоқда. Бадиий каштачилик узоқ тарихга эга, буни археологик топилмалар ва ёзма манбалар исботлаб бермоқда. Ўзбек каштачилиги иқлим, табиий шароит, муҳит билан боғлиқ ҳолда барча касб-ҳунарлари билан биргаликда ривож топган. Каштачилик санъатининг энг қадимийси сақланмаган. XIV— XV асрларга мансуб миниатюралар орқали каштачиликнинг жуда қадимдан ривожланганлигини кўриш мумкин. Испан элчиси Руи Гонзалес де Клавихо Амир Темур саройида ўзбек миллий кашта безакларини кўрганини кундалигида ёзиб қолдирган. 1467 йили Камолиддин Беҳзод «Зафарнома»га ишлаган «Темур тахтда» миниатюрасида чодирга ишланган каштани ҳам акс эттирган. XIX асрнинг иккинчи ярмида кашта тикиш машинасининг ихтиро этилиши каштачилик корхоналарининг вужудга келишига асос солди. Машинада кашталарнинг кўп ишлаб чиқарилиши уларнинг бадиийлигига путур етказди. Қўл кашталари унутила бошланди. Лекин айрим хилларигина сақланиб қолди.Ўзбек каштачилиги қўшни халқлар каштачилиги таъсирида бойиди ва ривожланди. Ўзбек кашталарига назар солсак, унда Ҳинд, Хитой, Рус, Афғон, Қозоқ, Қирғиз ва Тожик каштачиликларининг усул ва услубларини учратамиз.Бу санъатда ҳар бир миллатнинг ўзига хос энг кўп қўллайдиган нақшлари бўлади. Чунончи ўзбек кашталарида ўсимликсимон, геометрик ҳамда гул нақшлари кўп бўлса, рус каштачилигида геометрик, ўсимликсимон шакллар, гуллар, қуш ва мевалар кўп тасвирланади. Ҳайвонлар, шох ва туёқларни эслатувчи элементлар тасвирланади.Қадимий анъаналарга кўра, ўзбек қизлари — бўлажак келинчаклар сеплари — ҳар хил каштачилик буюмларини ўзлари тайёрлашлари лозим эди. Кашталар қанчалик нозик, чиройли бўлса, қайлиқ шунчалик юқори баҳоланар эди. Қизлар 7-—9 ёшидан бошлаб кашта тикишга ўргатиларди. Улар уч, тўрт йилдан кейин мустақил кашта тика бошлайдилар. Етишиб чиққан каштачилар ўзининг санъати ва табиатига кўра гўзаллик ҳақидаги орзуларини ифодалашга ҳаракат қилганлар. Каштачиликнинг муҳим турларидан бири зардўзликдир.