МАҲМУД ЗАМАХШАРИЙНИНГ ИЛМ САФАРЛАРИ ВА АСАРЛАРИ
Abstract
“Фасоҳат илмининг султони”, “Устози дунё”, “Устозул араб вал ажам”, “Хоразм фахри”, “Жоруллоҳ”, “адиблар каъбаси” Абул-Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад (баъзи манбаларда Аҳмад) 1075 йил 19 март (ҳижрий 467 йил, Ражаб ойининг 27-куни Чоршанба куни) Хоразмнинг Замахшар қишлоғида зиёли оилада дунёга келади. Қуръон ўқиш ва ҳадислар илми каби дастлабки таълимни отасидан олади. Баъзи ривоятларга кўра отдан йиқилиб, оёғи қаттиқ жароҳат олади, натижада ёш Абул-Қосимнинг оёғини кесишга тўғри келади. Мадрасада ўқиб юрган кезлари араб тили ва адабиётини, диний ва дунёвий илмлар мажмуасини тўлиқ эгаллайди. Хаттотлик санъатини ҳам эгаллайди. Тафсир, ҳадис, фиқҳ илми, қироат, араб тили ва адабиёти, луғат илми ва наҳв соҳасида мукаммал илм олишида дастлабки устози Абу Мудар Маҳмуд ибн Жарийр ал-Даббий ал-Исфаҳонийнинг (1113 йили Марвда вафот этган) ўрни бор. Исфаҳонлик бу араб олими Маҳмуд Замахшарий қалбида араб тилига алоҳида муҳаббат уйғотди.